Фарғона шаҳрида «автомойка»дан «Matiz» ўғирлаган эркак қўлга олинди (видео)
Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида 28 октябрь куни машина ювиш шаҳобчасидан «Matiz» автомашини ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, машиналар ювиш шоҳобчаси ишчиси 28 октябрь, чоршанба куни соат 12:00 атрофида мижоз томондан ювиш учун берилган «Матиз» автомашинасининг калити қолдирилганидан фойдаланиб олиб қочган ва воқеа жойидан яширинган.
Таъкидланишича, олиб борилган тезкор-тадбир давомида мазкур жиноятни 1995 йилда туғилган шахс содир этгани аниқланган. У Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган 41-кўп қаватли уй олдида қўлга олинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Қайд этилишича, мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-модда (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят иши қозғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-модда 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган фуқаро 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Бундан аввал Қўқонда коронавирусга қарши дориларни 74 миллион сўмга ноқонуний сотаётган 2 нафар эркак ва Фарғона туманида фуқаронинг 1,5 миллион сўмлик телефонини тортиб олган эркак ушлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Фарғонага Қирғизистондан 900 миллион сўмлик товарларни ноқонуний олиб кираётган ҳайдовчи ҳамда Олтиариқда амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олингани маълум қилинганди.