Қўқонда коронавирусга қарши дориларни 74 млн сўмга ноқонуний сотаётган 2 нафар эркак ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида коронавирусга қарши дориларни 74 миллион сўмга ноқонуний сотаётган икки нафар наманганлик эркак ушланди. Бу ҳақда Миллий Гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Миллий гвардия, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, ДХХ ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳга келиб тушган мурожаатларнинг бири юзасидан тадбир ўтказилган.

Тадбир Қўқон шаҳри Тўлабой кўчасидаги янги қурилаётган бинолар ёнида амалга оширилган. Унда Наманган вилоятида туғилган фуқаро Х.Ў. ва И.Д. махсус харидорга ҳеч қандай ҳужжатларсиз пневмония ва COVID-19 касаллигига чалинган беморлар истеъмол қиладиган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 70 дона «Remdesivir for Injection 100 mg» дори воситаларини ҳар бир донасини 650 000 сўмдан жами 45 500 000 сўмга ҳамда 1500 дона «Ceftriaxone Sulbactam for Injection-1,5g» дори воситасини ҳар бир донасини 19 000 дан жами 28 500 000 сўмга ҳаммаси бўлиб 74 000 000 сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўқон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Данғарада катта миқдорда «Трамадол Ланнахер» ва «Тропикамид» дориларини сотаётган йигитлар ва Фарғонада салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак аниқланганди. Шунингдек, Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ ва Бухорога 139 дона кучли таъсир қилувчи дорини Тошкентдан олиб келаётган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар