Ўзбекистон сўнгги 10 ойда қанча олтин экспорт қилгани маълум бўлди
Ўзбекистон 2020 йил январь—октябрь ойлари давомида 5,8 миллиард доллар миқдорида олтин экспорт қилди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг хабар беришича, сўнгги икки ой давомида олтин экспорт қилинмаган бўлса-да, жами 13,3 миллиард долларни ташкил қилган экспорт ҳажмининг 5,8 миллиард доллар қисми (43,6 фоиз) олтин экспортига тегишли. 2018 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич экспортнинг 15,1 фоизига, 2019 йилда эса 28,1 фоизига тенг бўлган.
Шунингдек, Статистика қўмитаси 2020 йилнинг 10 ойи давомида республиканинг импорт ҳажмини ҳам эълон қилган. Унга кўра, Ўзбекистон импортининг ҳажми 16,7 миллиард долларни ташкил қилиб, шундан 25,3 миллион доллар олтин импортига тўғри келган. Бу вақт оралиғидаги экспорт ҳажмининг энг катта қисмини олтин эгаллаган бўлса, импортнинг 37,8 фоизини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ташкил қилган.
Aввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми қисқаргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, республикада 4 хил оғирликдаги олтин қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотувга чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.