Ўзбекистонда 2019 йилги сайловларда 3,5 млн доллар самарасиз тузилма учун сарфлангани маълум бўлди

Ўзбекистонда 2019 йилги парламент сайловларида 3,5 миллион доллар самарасиз тузилма учун сарфланган. Ушбу маълумотни «Tez News»нинг Марказий сайлов комиссиясидаги манбалари тасдиқлади.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, сайловларда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг самарасиз ва ортиқча тузилма эканлиги аён бўлган. Кўп ҳолларда ҳар бир округга 1—3 та участка тўғри келган. Шунингдек, уларнинг сайлов кампаниясидаги фаолияти фақат ушбу участкалар доираси билан чекланган.

Бундан ташқари, ушбу округ сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи тўлаш учун давлат бюджетидан 33,2 миллиард сўм (3,5 миллион доллар) маблағ ажратилган. Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси томонидан Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг ваколатларини туман ва шаҳар сайлов комиссияларига ўтказиб, округ сайлов комиссияларини тугатиш таклиф этилаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловларни самарали ташкил этиш мақсадида туман ва шаҳар сайлов комиссиялари ёки котибларининг доимий асосда фаолият юритишини йўлга қўйиш ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан таклиф этилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Бош прокуратураси 2020 йилда 7,7 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлаганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги боғчаларда 48 миллиард сўмдан ортиқ пул талон-торож қилиниб, болаларга яроқсиз гўшт ва озиқ-овқат берилгани маълум бўлганди.

Янгиликлар