Ўзбекистонда 4 хил оғирликдаги олтин қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотувга чиқарилди

Ўзбекистонда 2 ноябрдан 4 хил оғирликдаги (5, 10, 20, 50 грамм) олтин қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида тижорат банклари орқали сотувга чиқарилди. Бу ҳақда Мaрказий банк маълум қилди.

Хабарга кўра, оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Таъкидланишича, олтин қуймаларнинг қадоғи ўз серия рақамига эга бўлиб, сертификат вазифасини бажаради. Бу Италиянинг Certiline Srl компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Маълум қилинишича, олтин қуймаларнинг нархи унинг оғирлигига қараб фарқ қилади:

  • 5 грамм — 3 436 000 сўм;
  • 10 грамм — 6 623 000 сўм;
  • 20 грамм — 13 121 000 сўм;
  • 50 грамм — 32 177 000 сўм.

Қайд этилишича, олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади. Шунингдек, қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида тижорат банки томонидан ёмби эгасига тўловни дарҳол амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.

Хабарда айтилишича, қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экпертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади. Таъкидланишича, қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.

Aввалроқ Ўзбекистонда 500 га яқин давлат активлари сотувга қўйилиши ҳамда Тошкентдаги «Малика» бозори ва ДХХнинг собиқ биноси сотувга қўйилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар