Ўзбекистонда ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
«Ўзгидромет» Ўзбекистонга 1–3 декабрь кунлари Каспий денгизи ҳудудидан совуқ ҳаво массалари кириб келишини маълум қилди.
Хабарга кўра, 1–3 декабрда Ўзбекистон ҳудудларига Каспий денгизи ҳудудидан илиқ ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Кўплаб вилоятларда ҳаво булутли бўлиши, республиканинг айрим ҳудудларида (Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидан ташқари) бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 2–3 даража илиқ, кундуз кунлари 5–10 даража илиқ атрофида, 2 декабрда баъзи жойларда 12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Республиканинг жанубида шу кунларда ҳаво ҳарорати 13–15 даража илиқ бўлади.
Маълум қилинишича, 4 декабрда Қозоғистон ҳудудлари устида антициклон кучая бошлайди ва шимоли-ғарбий оқимлар билан совуқ ҳаво Ўзбекистон ҳудудига кириб келади. Ҳаво ҳарорати кечалари 0–5 даража совуққача, кундуз кунлари 0–5 даража илиққача пасаяди, бу меъёрдан 3–5 даражага паст. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Aндижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 14 ноябрь куни ҳаво кескин совигани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 19 ноябрь Тошкент вақти билан соат 08:00 дан 20 ноябрь соат 08:00 гача Чимён тоғ зонаси (денгиз сатҳидан 2000 метр баландлик)да қор кўчки хавфи эълон қилингани ҳақида хабар берилган.