Ўзбекистонда декабрь ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берилди

Гидрометреология маркази декабрь қиш фаслининг биринчи ойи бўлса ҳам, лекин энг совуқ давр ҳисобланмаслигини ёзиб, ушбу ойда об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ой давомида совуқ ва иссиқ тўлқинлар одатда 1–2 марта кузатилади, яъни 1 ёки 2 та кучли совуқ ва 1 ёки 2 та ҳудди шундай иссиқлик тўлқинлари юзага келиши мумкин. Ҳаво сезиларли совиганда кўпинча декабрь ойларида минимал ҳарорат 11–16 даража савуққача тушади.

Хабарга кўра, бу йилги декабр ҳарорат кўрсаткичлари бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда. Ойлик ёғинлар миқдори меъёр атрофида, айрим жойларда меъёрдан юқори, шимолда эса айрим жойларда меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда (Тошкентда декабрь ойи учун ёғинлар 59 миллиметрни ташкил қилади). Ёғингарчилик ой давомида вақти-вақти билан кузатилади.

Дастлабки баҳоларга кўра, ой давомида ҳароратнинг кечаси 0–5 даража совуқдан 2–7 даража илиққача, кундузи 0–5 даража илиқдан 10–15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолида тунда 8–10 даража совуқ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида эса 12–15 даража совуқ бўлиши мумкин.

«Охирги 10 йил ичида Тошкентда 2011, 2012 йилларда декабрь ойида энг паст ҳарорат 13 даража совуқни ташкил қилган бўлса, шу ойдаги энг юқори ҳарорат (2012, 2013, 2016 йилларда) 23 даража иссиққача кўтарилган», дейилади хабарда.

Декабрда ёғингарчилик ёмғир, қор кўринишида бўлади. Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кунлар ўртача 5 кундан 13 кунгача ташкил қилиши мумкин. Бир кеча кундузда максимал ёғинлар миқдори суткалик меъёрдан анча кўп бўлиши мумкин. Охирги 10 йил ичида намгарчилик кўп бўлган декабрлар 2013, 2016, 2019 йилларда қайд этилган, Масалан, 2019 йил 22 декабрда максимал суткалик ёғинлар миқдори Тошкентда 34 миллиметрни ташкил қилган.

Аввалроқ Қамчиқ довони 28 ноябрь, шанба куни автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берилганди. Бунга довон ҳудудида кузатилган кучли шамол ва қор кўчкиси сабаб бўлган. Кейинчалик, довонда автотранспорт воситалари ҳаракати қайта тикланган.

Янгиликлар