Чимён тоғ зонаси ва Қамчиқ довонида шторм огоҳлантириш эълон қилинди
«Ўздидромет» гидрометеорология хизмати маркази 28 ноябрь, шанба куни Чимён тоғ зонаси ва Қамчиқ довонида қор кўчки хавфини эълон қилди.
Қайд этилишича, 28 ноябрь куни 11:00 дан 29 ноябрь соат 8:00 гача Чимён тоғ зонасида шторм огоҳлантириш — қор кўчиш хавфи эълон қилинган.
Шунингдек, 28 ноябрь куни соат 11:00 да A-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор кўчиш мавжудлиги айтиб ўтилган.
Aввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилганини эълон қилганди. Қайд этилишича, бунга довон ҳудудида кузатилган кучли шамол ва қор кўчкиси сабаб бўлган.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу сабабли Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларга ушбу ҳудудлардаги мавжуд умумий овқатланиш шохобчаларида исиниш учун вақтинча жойлашиб туриши тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, ФВВ 22 ноябрь куни ҳам Қамчиқ довонида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни огоҳлантириб, қор ёғиш эҳтимоли борлиги ҳақда хабар берган.