Ўзбекистонда масжидлар фаолияти 15 августдан бошлаб босқичма-босқич тикланиши мумкин
Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча имом ва ноиблар иштирокида видеоселектр шаклида йиғилиш ўтказмоқда. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофир Аҳмедов ҳам иштирок этмоқда, деб хабар берди «Azon.uz».
Хабарда айтилишича, йиғилиш давомида 15 августдан бошлаб республикада масжидлар босқичма-босқич яна фаолият кўрсата бошлаши мумкин. Бунда, аввало, нималарга эътибор қаратилиши, карантин қоидаларига амал қилиш муҳимлиги, ижтимоий масофани сақлаш каби масалалар алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, мажлисда пандемия вақтида имом-хатиблар фаолияти самародорлигини ошириш, давлат томонидан имомларга эътибор қаратиш мақсадида 150 миллиард сўм ажратилгани, ёшларнинг тарбиясида имомларнинг ўрни ва таъсири бўлиши зарурлиги каби мавзулар муҳокама қилинмоқда, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан 1 августдан 15 августга қадар диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти тўхтатилган.
Аввалроқ ИИВ карантиндан кейин масжидларда намозларни жамоа билан ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилганди.