Мажбурий ижро бюроси ходимлари сони қанчага қисқартирилиши маълум бўлди
Президентнинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Мажбурий ижро бюроси бошқарув ходимларининг чекланган сони 3542 нафар, шу жумладан марказий аппаратда 82 нафар этиб белгиланди.
Президент фармонининг 10 бандига мувофиқ, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг Ижро этувчи дирекцияси тугатилиб, Жамғарма маблағларининг тўпланиши ва сарфланишини тезкор бошқариш вазифаси бюрога юклатилди.
Молия вазирлиги жамғарма ҳисобидан 2020 йил 1 ноябрга қадар молиялаштирилиш лозим бўлган бюро, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Бош прокуратура Академияси ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (юзага келган қарздорликлар билан бирга) жорий йилнинг III чораги якуни бўйича Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан қоплаб берилишини таъминлаши белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур Фармонда бюро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар қайси манбадан қопланиши айтиб ўтилган.
Унга кўра, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Бош прокуратура Академияси ходимларига жамғарма ҳисобидан ҳар ойда тўланадиган 100 фоизлик устама тўлаш тўхтатилиши белгиланган. Бюро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар (жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган қисмини чегириб ташлаган ҳолда) ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Мажбурий ижро бюроси директори лавозимида ишлаган Ботир Қудратхўжаев Хоразм вилояти прокурори этиб тайинланганди. Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига директор тайинланган.