Ўзбекистонда вакциналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этилади. Бу Президентнинг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Фото: «ata.gov»

Ҳужжатга мувофиқ, 2020–2024 йилларга мўлжалланган тегишли дастур, шунингдек, биотехнологиялар соҳасида устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланган.

Қарорга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар марказида фудомикс-лаборатория (Копенгаген университети билан ҳамкорликда), ҳужайра технологиялари илмий лабораторияси, шунингдек, биотехнологиялар, биология, биотиббиёт ва кимё соҳаларидаги катта маълумотларни таҳлил қилиш бўйича Big Data миллий лабораторияси ташкил этилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик бўйича кенгаш тузилади. Кенгаш мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини олиб боради, тавсиялар ва таклифлар беради, шунингдек, биотехнологиялар соҳасидаги барча идоравий тузилмаларнинг ҳамкорлигини таъминлайди.

«Президент хавфсизликнинг учинчи даражасидаги замонавий лаборатория яратиш бўйича топшириқ берди. У ерда илмий ходимлар вакциналарнинг янги турларини яратиши, вирусларнинг янги штаммлари устида ишлаши мумкин бўлади», — дея Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев маълум қилди.

Маълум қилинишича, вакциналар ишлаб чиқариш бўйича майдоннинг яратилиши тахминан 53 миллион долларга, лабораторияни ташкил этиш эса 8 миллион долларга тушиши мумкин. Ишлаб чиқариш майдонини ишга тушириш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши яқин вақт ичида бошланиши кутилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилганидан кейин аҳоли учун зарур бўлган вакциналарни ишлаб чиқарилади.

Хабарга кўра, 2020 йил 1 декабрдан биотехнологиялар соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун рағбатлантириш механизмлари кучга киради. Хусусан, тижорат банклари кредитларининг 50 фоизигача бўлган қисми учун кафиллик, 3 миллион доллардан ортиқ тўғридан тўғри инвестиция йўналтирган хорижий илмий ташкилотларга эса 10 миллиард сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади.

Фанлар академиясининг Микробиология институтида фитовирусология илмий лабораторияси ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент вакцина ва зардоб илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда.

Ўзбекистоннинг Биохавфсизлик бўйича Картахен протоколига ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши доирасида таркибида гени ўзгартирилган организмлар, пестицидлар, озуқа қўшимчалари ва бўёқлар бўлган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини маркировка қилишни босқичма-босқич жорий этиш бўйича механизм ишлаб чиқилади.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳар бир фуқаросига 1 дозадан коронавирусга қарши вакцина буюртма қилгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши мумкинлиги ҳақида айтилган.

Янгиликлар