Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми қисқарди

Марказий банк Ўзбекистон олтин-валюта захиралари статистикасининг янги маълумотларини эълон қилди.

Reuters

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, расмий захиралар 33,3 миллиард долларни, халқаро захиралар 32,4 миллиард долларни ташкил этган. Захираларининг 19 миллиард 40,5 миллион доллари олтин шаклида бўлиб, улар заиф диверсификацияланган. Шунинг учун деярли барча миқдор олтин (19 миллиард доллар) ва хорижий валютадаги захира активлар (13,9 миллард доллар, октябрда — 14,5 миллиард доллар) ўртасида тақсимланган.

«Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг ‘хавфсизлик ёстиқчаси’ деб ҳам ҳисобланади. Улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захирага эга. Бу халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан кўп.

Аввалроқ Ўзбекистонда 4 хил оғирликдаги олтин қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотувга чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар