«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди
«Ўзгидромет» Ўзбекистонга 24–25 ноябрь кунлари Қозоғистон ҳудудидан совуқ ҳаво массалари кириб келишини маълум қилди.
Ўзбекистон ҳудудлари устидаги антициклоннинг совуқ периферияси кучсизланади. Республиканинг барча ҳудудларида об-ҳаво очиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 2 даража совуқдан 3 даража илиққача бир оз кўтарилади. 24–25 ноябрда республика ҳудудларига Қозоғистондан яна совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, лекин бу массалар аввалгисига ўхшаб унча совуқ бўлмайди.
Шунинг натижасида 24 ноябрда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 25 ноябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида бир оз қор ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди, об-ҳаво булутли бўлади. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 24 ноябрда кечаси 3–8 даража совуқ, кундузи 2–7 даража илиқ, шимолда кечаси 5–10 даража совуқ, кундузи 2 даража совуқ, 25 ноябрда ҳаво ҳарорати кечаси 0–5 даража совуқ, кундузи 2 даража илиқ бўлади.
Антициклон периферияси 26 ноябрда ортга чекинади. Ўзбекистон ҳудудларига деярли илиқ ҳаво массалари кириб келади. Республикада ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда. Кечаси совуқ бир оз кучсиз бўлади ва 0–5 даража совуқни ташкил этади, кундузи ҳаво ҳарорати 7–10 даража илиққача кўтарилади, бу ҳароратнинг меъёрий қийматларига яқиндир.
Республика шимолига 27 норябрда Кавказ ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массаларини кириб келиши билан баъзи жойларда қор ёғиши мумкин, қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари манфий қийматларгача бир оз кўтарилади. Кундузи 5–10 даража илиқ атрофида, жанубда 11–13 даража илиққача бўлади.
Республиканинг барча ҳудудларига 28 ноябрда совуқ ҳаво тарқалади. Баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. 27–28 ноябрда баъзи жойларда шамол 15–20 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 3 даража совуқ, кундузи 2–7 даража илиқ бўлади. Бу меъёрдан 5–7 даражага камдир. Республиканинг баъзи жойларига туман тушиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 14 ноябрь куни ҳаво кескин совигани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 19 ноябрь Тошкент вақти билан соат 08:00 дан 20 ноябрь соат 08:00 гача Чимён тоғ зонаси (денгиз сатҳидан 2000 метр баландлик)да қор кўчки хавфи эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.