Тошкент кўчалари қор ёққанлиги сабаб 10 баллик тирбандликлар ичида қолди

Тошкент шаҳрида 18 ноябрь, чоршанба куни кўплаб чорраҳалар тушдан сўнг 10 баллик (қизил даражадаги) тирбандликлар ичида қолди. Бу ҳақда «Яндекс Пробки» сервиси маълумот берди.

Скриншот: «Яндекс.Харита»

Сервис прогнозига кўра, йўллардаги мураккаб вазият яқин уч соат давомида (қизил даражада) сақланиб қолади. Соат 21:00 да тирбандликлар даражаси 4 балл (сариқ даража)гача, 22:00 да эса 3 балл (яшил даража)гача пасайиши кутилмоқда.

Waze сервиси маълумотларига кўра, автомобиллар шоҳ кўчаларда соатига 20—30 километр тезликда ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари шаҳар бўйлаб юзага келган тирбандликлар ҳақида видео ва фотоматериалларни бўлишмоқда.

Маълумот ўрнида, «Яндекс Пробки» хизмати Тошкентда 2019 йилдан бошлаб ишга тушган. Кўчаларнинг қанчалик бандлигини баҳолаш учун Яндекс турли манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланади. Аноним ва умумлаштирилган маълумотлар «Яндекс Карта», «Яндекс Навигатор» фойдаланувчилари ва ҳамкор компанияларнинг машиналаридан келади.

Маълумотлар ҳайдовчи ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олмайди, фақат транспорт воситасининг жойлашуви, йўналиши ва тезлигини кўрсатади. Ҳаракат тезлиги бўйича тизим автомобиль тирбандликда ёки одатдагидек ҳаракатланаётганлигини автоматик равишда аниқлайди.

Хизмат тирбандликларни 10 баллик тизимда ўлчайди. Бунда 0 дан 3 баллгача – йўлларда ҳаракат эркин, 4-6 балл – транспорт ҳаракати мураккаблашган, 7-10 балл эса йўлларда жиддий тирбандликлар кузатилаётганини англатади.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида йўлнинг қатнов қисмини тўсиб тўй қилганлар жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди.