Президент қаршилик психолог қизга 2 хонали уй совға қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь, пайшанба куни Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган қашқадарёлик ёшлар билан учрашувда қаршилик психолог қизга 2 хонали уй совға қилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб, шароитларни кўздан кечирган ҳамда шу ерда қашқадарёлик ёшлар билан учрашув ўтказган. Унда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлган.
Мавзуга доир: Президент Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлди ва қашқадарёлик ёшлар билан учрашув ўтказди
Хусусан, Қарши туманида яшовчи психолог Шоҳида Жўраева Президентга ёшлар, ёш оиларнинг психологик маданиятини ошириш, уларни катта ҳаётга тарбиялаш мақсадида «Ёш психологлар» марказини ташкил этиш таклифини билдирган. Президент унинг таклифи маъқул қелганини айтиб, унга шаҳар марказидан 2 хонали уй совға қилинишини айтган.
«Бугун давлат раҳбарининг Қашқадарёга, янги очилган Ёшлар марказимизга ташриф буюриши ва биз билан шахсан ўзлари мулоқот қилиши ёшларга катта қувонч бағишлади. Йиғилишда ўзим Президентга таклиф бердим. Яъни ёшлар, ёш оиларнинг психологик маданиятини ошириш, уларни катта ҳаётга тарбиялаш мақсадида «Ёш психологлар» марказини ташкил этиш таклифи билан чиқдим. Ушбу таклиф Президентга маъқул келди.
Шунингдек, ўзим ҳам ёш оилалардан эканлигим боис таклифимдан келиб чиққан ҳолда шу ернинг ўзида 2 хонали уйлардан бирини совға тариқасида тақдим қилдилар. Бундан бошим кўкка этди. Сабаби оилам билан туманда турамиз, олийгоҳимиз эса шаҳарда. Ўқишга қатнаш менга қийинчилик тўғдирарди. Бизда шаҳар марказидан уй олиш нияти бор эди ва бу ният Президентимиз билан ўтган учрашувда амалга ошди», — деди 25 ёшли Шоҳида Жўраева.
Шунингдек, давлат раҳбари мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантириб, туманда IT-парк ташкил этиш, электрон тижорат ва дастурлаш кўникмаларини бепул ўргатиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берган. Китоб туманидаги 150 ўринли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 310 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур муассаса ўқувчилари учун етарли шароит яратиш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, вилоят ёшларининг спортга қизиқишини инобатга олиб, мактабларда спорт заллари қуриш, мажмуаларда тўгаракларни кўпайтириш зарурлиги айтилган. Инвентарлар ва анжомлар сотиб олиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилган.
Яқинда Сербияда ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Мушарраф Ибодуллаева давлат гранти асосида ўқишга ўтказиладиган бўлган. Шу билан бирга, учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилган. Таклифлари маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Мавзуга доир: Фоторепортаж: Қаршида биринчи IT-технопарк иш бошлади
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу технопаркда ўрганувчи қашқадарёлик талабаларга яратган мобиль иловаси учун 500 миллион сўм берилгани, Президент уларнинг ҳар бирига 5000 доллардан маблағ беришини айтгани ҳақида хабар берилганди.