Ромитанда «Заковат» интеллектуал ўйинининг туман босқичи ўтказилди
Бухоро вилояти Ромитан туманида 2 ноябрь, душанба куни «Заковат» интеллектуал ўйинининг туман босқичи ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2 ноябрь куни Ромитан туман марказидаги «Диёр» мажмуасида туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази тумани бўлими ҳамкорлигида тумандаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйинининг туман босқичи ўтказилди. Унда 41 та умумтаълим мактаби ўқувчиларидан ташкил топган жамоалар ўзаро беллашган.
Қайд этилишича, беллашувда барча саволларга тўлиқ жавоб берган 34-умумтаълим мактаби жамоаси «Заковат» интеллектуал ўйинининг ғолиби бўлди. Уларга Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган вилоят босчиқига қатнашиш йўлланмаси топширилди.
Маълумот ўрнида, 33-умумтаълим мактаби жамоаси фестивалда 2-ўринни, 15-умумтаълим мактаби жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди. Ҳар иккала жамоага ҳам туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Аввалроқ Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими мудири Қоракўл Халқаро математика мактаби фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.