Танзила Норбева Россияга ташрифи давомида ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашди

Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Россияда бўлди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ташриф Россияда яшаётган ўзбекистонликлар билан учрашувдан бошланган. Президент раҳбарлигида Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларини тизимли қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилаётгани, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилган комплекс чора-тадбирлар, хорижда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудларида бош консулликлар очилиши аксарият фуқароларимизнинг ҳаётини анча енгиллаштиргани ва коронавирус пандемияси даврида ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.

Шунингдек, Россияда мураккаб вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатилаётгани, меҳнат мигрантлари учун ҳам ижтимоий кафолатларнинг янги механизмлари яратилгани ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳукуматлараро келишувлар Россия томонидан ҳам бажарила бошлангани таъкидланди.

Қайд этилишича, Сенат Раиси Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси В. Матвиенко билан учрашиб, Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаган.

Янгиликлар