Самарқанд вилоятининг бюджет даромадлари прогнози 2,3 трлн сўмни ташкил этиши кутилаётгани маълум қилинди

Самарқанд вилоятининг 2021 йилда бюджет даромадлари прогнози 2,3 триллион сўмни ташкил этиши кутилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Молия вазирлиги масъуллари ҳамда вилоят тегишли ташкилотлари вакиллари, депутатлар иштирокида муҳокама қилинди.

Муҳокамада 2021 йилда Самарқанд вилоятининг бюджет даромадлари прогнози 2,3 триллион сўмни ташкил этиши кутилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, 2021 йилда қуриладиган ижтимоий соҳа объектлари ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 2021 йил Самарқанд вилоятида инвестиция дастури асосида 21,7 миллиард сўмга 2 та янги мактаб (858 ўринли) қурилади ва 92 миллиард сўм эвазига 18 та таълим муассасаси реконструкция қилинади. Шунингдек, салкам 60 миллиард сўмга 15 та мактаб мукаммал таъмирланиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2021 йилда янги қуриладиган 16 та мактабгача тарбия муассасасига 64,4 миллиард сўм, иккита янги қуриладиган тиббиёт муассасаси учун эса 38 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, 7 та шифохона таъмирланиши учун 60 миллиард сарфланиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Олтинкўлнинг сўнгги 9 ойлик даромад миқдори маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар