Олтинкўлнинг сўнгги 9 ойлик даромад миқдори маълум қилинди

Ўзбекистоннинг 2021 йил учун Бюджет Қонунининг муҳокамаси юзасидан Андижон вилояти Олтинкўл туманида Молия вазирининг ўринбосари Хайдаров Ахад, туман ҳокими Иқбол Матрўзиев, Халқ депутатлари туман Кенгашининг аъзолари ҳамда маҳаллий бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг раҳбарлари ва ҳисобчилари иштирокида семинар ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олтинкўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, семинарда сўнгги 9 ойда туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар ижросига қисқача тўхталиб ўтилган. Жумладан, туман маҳаллий буджет даромадларининг аниқланган режа кўрсаткичлари 14,3 миллиард сўм бўлиб, тушум 17,8 миллиард сўмни ташкил этган.

Фото: Олтинкўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, бюджет режага нисбатан 3,5 миллиард сўмга ёки 124,8 фоизга ошиғи билан бажарилган. Шунингдек, даромад ва харажатлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун юқори бюджетидан 39,8 миллиард сўм трансферт, мобил алоқа хизмати ҳамда алкоголь маҳсулотлар учун акциз солиғи тушумидан 10,8 миллиард сўм ўтказиб бериладиган даромадлар, шунингдек, бюджетлараро муносабатлар натижасида вужудга келган 20,2 миллиард сўм ўзаро ҳисоб-китоб маблағлари олинган. Аниқланган харажатлар режаси 85,5 миллиард сўм бўлиб, бу тасдиқланган режага нисбатан 16,1 миллиард сўмга кўп, (123 фоизга), ҳақиқатда 84.6 миллиард сўмлик (99 фоизга) харажатлар молиялаштирилган.

Қайд этилишича, харажатларни соҳалар кесимида қуйидагича:

  • халқ таълими соҳаси 5,8 миллиард сўмга (99 фоизга);
  • мактабгача таълим соҳаси 6,5 миллиард сўмга (91,6фоизга);
  • соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 37,4 миллиард сўмга (99,9 фоизга);
  • маданият соҳаси бўйича 1,8 миллиард сўмга (95,4 фоизга);
  • спорт соҳаси бўйича 1,5 миллиард сўмга (96,7 фоизга);
  • иқтисодиёт харажатлари соҳаси 5,1 миллиард сўмга (104 фоизга);
  • қишлоқ хўжалиги соҳаси 1,66 миллиард сўмга (98,6 фоизга);
  • давлат бошқаруви ва ўзини ўзи бошқариш органлари харажатлари 7,3 миллиард сўмга (99 фоизга);
  • ижтимоий нафақаларга 8,8 млрд.сўм (93,3 фоизга).

Фото: Олтинкўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, туман маҳаллий буджетининг 2021 йил харажатлари 107 миллиард 472 миллиард сўмни ташкил этиши ва бу 2020 йилга нисбатан 15 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бунда ижтимоий соҳа харажатлари устувор бўлиб, ушбу харажатлар учун 88 миллиард 399 миллион сўм ёки умумий харажатларнинг 82 фоизи йўналтирилади.

Таъкидланишича, туман маҳаллий буджет маблағлари мазкур соҳаларга қуйидагича йўналтирилиши режалаштирилган:

  • халқ таълими соҳаси 6,1 миллиард сўм;
  • мактабгача таълим соҳаси 7,9 миллиард сўм;
  • соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 50,1 миллиард сўм;
  • маданият соҳаси бўйича 933 миллион сўм;
  • спорт соҳаси бўйича 1,9 миллиард сўм;
  • иқтисодиёт харажатлари соҳаси 8,2 миллиард сўм;
  • давлат бошқаруви ва ўзини ўзи бошқариш органлари харажатлари 9,8 миллиард сўм.

Маълумот учун, 2021 йилда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, ижтимоий нафақа маблағлари қарийб 2,0 баробарга оширилиб, 21,4 миллиард сўмга етказилиши белгиланган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилда 11,5 миллиард сўмни ташкил этган.

Бундан аввал Ўзбекистонда давлат буджетининг 6 ойлик дефицити миқдори ва Тойлоқда сўнгги 9 ойда даромадлар тушуми прогнози салкам 33 миллиард сўмни ташкил этгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Избосканда маҳаллий буджет даромадлари режаси 114 фоизга орттириб бажарилгани ҳамда Самарқандда ўтган 9 ойда 21,1 миллиард сўм қўшимча даромад манбаалари аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.