Избосканда маҳаллий бюджет даромадлари режаси 114 фоизга орттириб бажарилди

Андижон вилояти Избоскан туманида маҳаллий бюджет даромадлари режаси 114 фоизга орттириб бажарилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Халқ депутатлари Избоскан туман Кенгашининг 2019 йил 17 декабрдаги 164/84-5-сонли қарори билан Избоскан туманининг 2020 йил маҳаллий бюджет параметрлари тасдиқланган.
Шунга кўра, туман ҳокими Серобиддин Исмоилов бошчилигида туман бюджети даромадлар базасини кенгайтириш ва бюджетга қўшимча даромадларни ундиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил 9 ойлик якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режаси 114 фоизга орттириб бажарилган.

Қайд этилишича, маблағларнинг 10 фоиз миқдоридаги қисми «openbudjet.uz» сайтида туман аҳолиси томонидан берилган таклифлар орасида энг кўп овоз олган йўналишга ажратилиб келинган. Қолган қисми туман халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, ижтимоий соҳаларга, йўл ва сув ҳамда қабристонларни ободонлаштириш ишларига ажратилган.

Маълумотларга кўра, туман маҳаллий бюджетининг 9 ойлик аниқланган режаси 116 миллиард 329 миллион сўм бўлган холда 113 миллиард 660 миллион сўмга касса ижроси амалга оширилган.

Шундан 16 миллиард 389 миллион сўм халқ таълими соҳасига, 48 миллиард 387 миллион сўм соғлиқни сақлаш соҳаси муассасаларига, 2 миллиард 938 миллион сўм маданият, спорт ва фан соҳаси муассасаларига, 9 миллиард 136 миллион сўм бошқарув органлари соҳаси муассасаларига, 6 миллиард 767 миллион сўм иқтисодиёт харажатларига, 3 миллиард 349 миллион сўм захира маблағларига, шунингдек, аҳолини турмуш фаровонлигини ошириш харажатлари ёки ўзини-ўзи бошқарув органлари томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ҳамда моддий ёрдамларга 26 миллиард 690 миллион сўм миқдорида маблағларни молиялаштириш ишлари амалга оширилган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 9 ой давомида маҳаллий бюджет ҳамда белгиланган даромадлар режасини орттириб бажарилган маблағлари ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларида бир қатор қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилган. Хусусан, 5 та соғлиқни сақлаш, 6 та мактабгача таълим, 10 та халқ таълими тизимидаги ижтимоий соҳа обьектларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Шу билан бирга, 16 та мактабга ичимлик суви тармоқлари олиб келинган, 1 та боғча, 3 та мактаб, 2 та қишлоқ оилавий поликлиника, 1 та қишлоқ врачлик пункти ҳамда туман тез тиббий ёрдам бўлими биноларида реконструкция ишлари олиб борилиб, замонавий мебел жиҳозлари билан таъминланган. Бундан ташқари, 17 та мактабга ўқувчилар учун парта, стул ҳамда ўқув жиҳозлари, 3 та боғчадаги тарбияланувчилар учун замонавий мебел жиҳозлари ҳамда 4 та тиббиёт бирлашмасининг ҳудудий бўлимларига мебел жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.

Аввалроқ Тойлоқда сўнгги 9 ойда даромадлар тушуми прогнози салкам 33 млрд сўмни ташкил этгани, Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик дефицити миқдори маълум қилинганди.

Янгиликлар