Сергели туманига 3 йил ичида 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келгани маълум бўлди
Тошкент шаҳри Сергели туманига охирги 3 йил ичида 100 мингдан ортиқ киши кўчиб келган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимотида маълум қилинди, дея хабар беради Президет матбуот ҳизмати.
Хабарда таъкидланишича, пойтахт аҳолиси изчил ўсиб, шаҳар инфратузилмаси ривожланиб бормоқда. Улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, янги мавзелар пайдо бўлмоқда. Масалан, Сергели туманида охирги 3 йилда 460 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган ҳудудларини ўзгартириш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишгани хабар қилинган эди.