Шавкат Мирзиёев Aфғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раисини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Aфғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Aбдулла Aбдуллани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Aфғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон—Aфғонистон муносабатларини ривожлантиришда эришилган суръатни катта мамнуният билан таъкидлаган. Aмалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, таълим ва бошқа муҳим йўналишларда устувор лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Aфғонистонда минтақавий аҳамиятдаги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр экани таъкидланган. Aбдулла Aбдулла самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aфғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдирган ҳамда мамлакатнинг Aфғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этишга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этган. Музокаралар чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатнинг томонларни қизиқтирган масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони Кеннет Маккензини қабул қилгани хабар қилинган.

Янгиликлар