Aбдулазиз Комилов Aфғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов 11 ноябрь, чоршанба куни Aфғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси Aбдулла Aбдулла билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, суҳбат вақтида турли соҳалардаги кўп қиррали Ўзбекистон—Aфғонистон муносабатлари ҳолати ва уларни янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинган. Шунингдек, Aфғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.
Таъкидланишича, учрашувда транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Aфғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорликка эришиш учун мазкур мамлакатни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларига жалб қилишни жадаллаштиришнинг муҳимлиги қайд этилган. Музокараларда икки томон кун тартибининг ўзаро манфаатли бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Aфғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарори ва Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатда уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлаган эди.
Шунингдек, Aбдулазиз Комилов Aфғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар билан учрашгани хабар қилинди.