Aбдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов 5 ноябрь, пайшанба куни Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш муҳокама қилинган. Вазирлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибини муҳокама қилган.

Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръатини сақлаб қолишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинган. Томонлар, шунингдек, коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларига таъсирини минималлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр алмашган.

Хабарда айтилишича, ТИВ раҳбарлари икки томонлама тадбирларни давом эттириш, шу жумладан, Ўзбекистон—Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг ва икки мамлакат чегараолди вилоятлари ҳокимлари (ваколатли вакиллари) кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, учрашувда олий ва юқори даражадаги муқаддам эришилган келишувларга содиқлик тасдиқланган. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилган. Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда AҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг икки томонлама ваколатхонаси ҳамда Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг филиали очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар