Ўзбекистонда AҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг икки томонлама ваколатхонаси очилади

AҚШ ҳукумати AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда икки томонлама ваколатхонаси очилишини эълон қилди. Бу ҳақда «Repost» хабар қилди.

Фото: AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати

Бунга кўра, ваколатхона очилиши билан USAID Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга, шу билан бирга хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини кучайтиришга ёрдам беради.

Шунингдек, USAID дастури иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, сув бошқаруви ва қонун устуворлигини такомиллаштириш, миграция ва одам савдоси билан боғлиқ масалаларни давом эттиради. Янги ваколатхона ушбу дастурларга самарали раҳбарлик қилади ва USAID’га маҳаллий шериклар билан янада кенгроқ муносабатларни ўрнатишда ёрдам беради.

«Мен USAID бу ерда икки томонлама ваколатхонани ташкил этганидан хурсандман. Бу Aмерика Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги чуқурроқ ва ўзаро манфаатли муносабатларга олиб борадиган йўлдаги муҳим босқичдир. Ушбу мамлакат муҳим ўзгаришларни бошдан кечирмоқда ва USAID Ўзбекистоннинг узоқ муддатли барқарорлиги ва равнақига жуда муҳим ҳисса қўшмоқда. Биз доимo ҳукумат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти томонидан USAID дастурлари бўйича ижобий мулоҳазалар оламиз. Мен USAID ҳамкорлиги янги ваколатхона билан ривожланиб, кенгайишини кутиб қоламан», — дейди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

Хабарда таъкидланишича, USAID жамоаси мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ривожлантириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва уларга танқидий фикрлайдиган, муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига эга, тилни яхши биладиган ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлайдиган таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, уларга XXI аср иқтисодиётида муваффақият қозониш, шунингдек, соғлиқ учун жиддий таҳдидлар, шу жумладан, COVID-19 билан курашиш ва умуман ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш салоҳиятини кучайтиришга имкон бериш учун Ўзбекистон халқи ва ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилади.

Маълумот ўрнида, Aмерика халқи 1993 йилдан буён USAID орқали Ўзбекистонга 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик ҳисобланади.

Aввалроқ Ҳиндистонда Бухоро давлат тиббиёт институтининг филиали очилгани ҳамда Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг филиали очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар