Шавкат Мирзиёев телефон орқали Садир Жапаров билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь, шанба куни Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчиси Садир Жапаров ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбатда 2 мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Хабарга кўра, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни, аввало, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ҳудудлараро ва гуманитар алмашинув соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга эътибор қаратилган.

Шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ва чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгаши ишини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатларига қарши курашиш масалаларида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ва кўмаклашишни давом эттириш муҳим экани таъкидланган. Шавкат Мирзиёев Қирғизистон халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини ва Қасим-Жомарт Тоқаев билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилгани ҳамда Эмомали Раҳмонни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклагани маълум қилинган.

Янгиликлар