Жо Байден Шавкат Мирзиёевни АҚШда ўтадиган биринчи «С5+1» саммитига таклиф қилди

АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни «Марказий Осиё — АҚШ» («С5+1») форматидаги биринчи саммитга таклиф қилди.

11 августдаги мактубда айтилишича, Марказий Осиё ва АҚШ президентларининг учрашуви 19 ёки 20 сентябрга белгиланган. Шу кунларда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясининг очилиши бўлиб ўтади.

«Мен БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак сессиясини интиқлик билан кутмоқдаман, унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим масалалар бўйича прогресга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчиларимиз билан 19 ёки 20 сентябрдаги расмий „С5+1“ йиғилишида биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз», — деб ёзган Жо Байден.

У Шавкат Мирзиёевга «АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликда иш олиб бораётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Жо Байден ўтган йил давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик «янги чўққиларга кўтарилганини, жумладан, савдо ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилиш»ни таъкидлади.

«АҚШ ҳам сизнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларингизни қатъий қўллаб-қувватлайди», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

«Бундан ташқари, шу йил бошида қизингиз Саидани [Мирзиёева] Оқ уйда кутиб олиш биз учун шараф эди. Унинг фаоллиги ва сизнинг гендер ва оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги дадил қатъиятингиз таҳсинга лойиқ», — дейилади мактуб якунида.

Янгиликлар