Учқўрғондаги боғчани таъмирлашда 173,2 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлар қўлга олинди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида боғчани таъмирлаш жараёнида 173,2 миллон сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув маълумотларга кўра, Наманган вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи ИК техник назоратчиси Н.М. «Н.Б.» МЧЖ раҳбари М.И. билан ўзаро тил бириктирган. Тумандаги 41-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳужжатларга амалда бажарилмаган 173,2 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиб, бюджет маблағларини талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Н.М. ва М.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси 3-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар