«UzAuto Motors» 2020 йил давомида давлат бюджетига миллиардлаб пул тўламагани маълум бўлди
«UzAuto Motors» АЖ 2020 йилнинг январь—cентябрь ойларида давлатга 582,6 миллиард сўмга яқин йиғимни тўламаган. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун бюджетнома бўйича хулосасида айтиб ўтилган.
Таъкидланишича, Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ёки Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган.
Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 18 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим (автомобиль нархининг 3 фоизи миқдорида) автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.
Бироқ «Oʻzavtosanoat» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан йилнинг январь—cентябрь давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда.
Ҳисоб палатаси юқоридагиларни инобатга олиб, «Oʻzavtosanoat» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ дея хулоса берган.
Аввалроқ «UzAuto Motors» АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди. Акциядорлик жамиятининг қўмита махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги суд 9 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтган. Шунингдек, «UzAuto Motors» компанияси 5 август, чоршанба куни депутат Расул Кушербаевнинг енгил автомобиллар нархларини ошириш бўйича айбловига жавоб берган.