Тошкентда йўловчи автобус буткул ёниб кетди

21 май куни тармоқларда Меrсedez benz русумли 96-автобусда ёнғин рўй бергани акс этган видеолар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг маълум қилишича, 2-aвтобус саройи филиали тасарруфидаги бу автобус 2012 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 882 минг 589 км масофани босиб ўтган.

Қайд этилишича, автобус ҳайдовчиси Яшнобод тумани «Ашхобод» истироҳат боғи чорраҳасидан ҳаракатланиб бораётган вақтда транспортнинг электр симларида қисқа туташув юзага келиб, электр симларининг ёниши содир бўлган. Бу ҳолатда ҳайдовчи бирламчи ёнғин ўчириш воситаси ёрдамида зудлик билан ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган, аммо ёнғин кучайиб, уни ўчиришнинг имкони бўлмаган. Автобус тўлиқ ёниб кетган.

Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари ходимлари етиб бориб, ёнғинни бартараф этишган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва жароҳат олганлар йўқ.

«Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Янгиликлар