Саида Мирзиёева зўравонлик ҳолатларига қарши тезкор чора кўришга чақирди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликка қарши курашиш, эрта ҳомиладорликнинг сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Биз оилавий зўравонликка қарши қонун қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлатмиз. Болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун жавобгарликни ҳам кучайтирдик. Аммо бу билан чекланиб қолмаслик керак. Зўравонлик ҳолатларига қарши тезкор чора кўришнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш зарур, — деди Мирзиёева.

Президент Администрацияси раҳбари, «кўпинча ҳақиқий аҳвол кўзга кўринмаслиги ва кўп нарсалар яширилишини» билдирди.

Биз ҳали ҳам статистикани ошкор қилишдан, таъна-маломатга қолишдан, обрўйимиз тўкилишидан қўрқамиз, танқидни қабул қилолмаймиз. Инсон тақдири статистикадан минг карра муҳимроқ, — деб таъкидлади.

Йиғилиш якунида, Саида Мирзиёева «зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз кураш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш қуруқ гапда эмас, амалда намоён бўлиши кераклигини» маълум қилди. Шунингдек, барча масъул раҳбарларни суҳбатдан тегишли хулоса чиқаришга чақирди.

Ўзбекистон