Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди. Бу ҳақида Nemolchi.uz хабар берди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилишича, жиноятда гумонланиб 8 киши ушланган.
Маълумотларга кўра, 6 октябрь куни вояга етмаган қиз прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, 2 октябрь куни бир неча шахс томонидан зўрлангани ва уларга қонуний чора кўришни сўраган.
Ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, 30 октябрь куни вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда тайинланган судга оид тиббиёт ва биологик экспертизалари натижаларига кўра, 31 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва терговга тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига юборилган.
Олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлари давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, терговга жалб қилинган ва 8 нафар шахс, шу жумладан, Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган, яна бир гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирда жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.