Олимлар фаст-фуд ёшларнинг уйқу ва хотирасига қандай таъсир қилишини аниқлади

Тадқиқотчилар ўрта мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг овқатланиш рационини ўрганди ва улар истеъмол қилаётган фаст-фудларнинг уйқу ҳамда хотирага қандай таъсир қилаётганини аниқлади. Натижалар Квинсленд университети веб-сайтида эълон қилинди.

Фото: «ZinMobi»

«12 ёшдан 15 ёшгача бўлган 175 261 нафар ўспирин маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, тез-тез фаст-фуд истеъмол қилиш уйқунинг ёмонлашишини келтириб чиқаради. Бу, ўз навбатида, уларнинг нормаль ўсиши, хотираси ва билим қобилиятларига салбий таъсир қилади», дейилади хабарда.

Тадқиқотларга кўра, газли сувни тез-тез ичадиган ўспиринлар бундай ичимликларни ичмайдиган тенгқурларига қараганда 55 фоиз кўпроқ уйқу билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар фаст-фудни ҳафтасига тўрт мартадан кўпроқ истеъмол қилса, уларда уйқу бузилиши келиб чиқади. Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари бу ҳолатга қизларнинг ўғил болаларга нисбатан икки баравар таъсирчан эканини таъидлаган.

«Ушбу натижалар жуда хавотирли. Чунки етарли бўлмаган уйқу ўспиринларнинг улғайиши ва билим олишига жиддий таъсир кўрсатади. Руҳий тушкунлик, тажовуз ва бошқа хатти-ҳаракатларнинг ривожланишига туртки бўлади», — дея изоҳ берган тадқиқот муаллифи Асад Хон.

Хон профилактика чораларини мактаблар ва оилалардан бошлаш кераклигини таъкидлаган. Ҳозирда тадқиқотчилар таълим муассасаларида болаларнинг газли ичимлик ва зарарли фаст-фудлар истеъмол қилишини чеклашни маслаҳат берган.

Янгиликлар