Ўзбекистонда ОТМлар йирик шаҳарлар чеккасига кўчирилиши мумкин

Ўзбекистонда «Талабалар шаҳарчаси»ни шакллантириш мақсадида мавжуд ОТМларни йирик шаҳарлар чеккасига кўчириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда қарор лойиҳаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилди.

Фото: «Norma.uz»

Лойиҳага кўра, йирик шаҳарларда 2020–2025 йилларда урбанизацияни ривожлантиришнинг асосий концептуал йўналишлари белгиланган. Бу йирик шаҳарларда урбанизация жараёнларини янада фаоллаштириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасини янада кўтаришга ёрдам беради.

Жумладан, «Талабалар шаҳарчаси»ни шакллантириш мақсадида мавжуд ОТМларни йирик шаҳарлар чеккасига кўчириш ва у ерда янги олий таълим муассасаларини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш режалаштирилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар ҳам келтириб ўтилган:

  • мавжуд мактабгача таълим муасассаларнинг (МТМ) жорий ҳолатидан келиб чиқиб, уларни реконструкция қилиш, шунингдек, келгусида аҳолининг ўсиш суръатини инобатга олган ҳолда янги МТМлар билан қамраб олиш;
  • давлат МТМлари томонидан қўшимча пулли хизматлар кўрсатишни жорий этиш (дам олиш кунлари ва иш куни якунлангандан кейин болаларни парваришлаш, унга қараб туриш ва ўқитиш, белгиланган дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш тўгараклари, бадиий-эстетик, фан тўгараклари ташкил этиб, қўшимча хизматлар кўрсатишни назарда тутиш);
  • МТМларни таълим тизими ходимлари билан таъминлаш, уларнинг инновацион ахборот-коммуникация ва педагогика технологиялари соҳасидаги билимлари ва малакасини ошириш, инновацион таълим муҳитини ташкил қилиш;
  • ҳудудларда мавжуд умутаълим мактаб муассасаларини қайта таъмирлаш ва уларнинг қувватини ошириш, шунингдек, шаҳарларда мактаб ўринларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, қўшимча равишда янги мактаб биноларини қуриш;
  • ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида талабаларнинг рейтинг дафтарчаси ва гуруҳ журналлари бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2022–2023 йилларда қуриладиган боғча, мактаб ва ОТМлар сони маълум бўлган.

Янгиликлар