Ўзбекистондан 144 нафар фуқаро ишлаш учун Россияга учиб кетди
Ўзбекистондан 31 июль куни 144 нафар фуқаро ишлаш учун Россияга учиб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларининг мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш, вақтинча ишсиз қолган юртдошларни улар бўлиб турган мамлакатларнинг пандемиядан нисбатан камроқ зарар кўрган бошқа соҳа ва ҳудудларига ишга жалб қилиш ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш ишлари олиб бориляпти.
«Олиб борилган музокаралар натижасида россиялик иш берувчилар ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда бугун 144 нафар юртдошларимиз Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига янги раҳбар тайинланган эди.
Шунингдек, хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш ишларини ташкил этишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатга эга эмаслиги айтилган.