Россияда COVID-19’га чалинганлар сони миллион кишидан ошди

Россияда коронавирус инфекциясини юқтирганларнинг умумий сони 1 миллион 48 кишига етди. Бу ҳақида Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штабга таяниб, «Meduza» хабар бермоқда.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, Россияда ўтган кун давомида касалликнинг 4729 та янги ҳолати аниқланган.

Россияда COVID-19 тарқалиши бошланганидан бери жами 17 299 киши, охирги кун ичида 123 киши ушбу юқумли касалликдан вафот этди.

Мамлакатда умумий 815 705 киши коронавирусдан соғайди. Ўтган кун давомида яна 6318 нафар бемор касалхоналардан чиқарилди.

Коронавирусни аниқлаш учун Россияда жами 36,9 миллиондан ортиқ лаборатория текширувлари ўтказилди, Шу жумладан, сўнгги 24 соат ичида 204 мингта синов ўтказилган.

Worldometres маълумотларига кўра, шу кунгача дунёда 25 миллион 665 минг 153 киши коронавирусга чалинган. Шулардан 17 миллион 964 минг 574 нафари касалликдан бутунлай соғайган бўлса, 855 минг 338 нафари вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ўтган бир суткада 77, Қирғизистонда эса 60 киши коронавирус юқтириб олгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар