Чустда маъмурий баённома тузган инсректор ҳужжатларни охиригача ўқишга қўймагани ҳақидаги хабар рад этилди

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси «Маъмурий баённома тузган участка нозири ҳужжатларни охиригача ўқишга ҳам қўймади» номли видеомурожаат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Фото: Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси

Таъкидланишича, 27 сентябрь, якшанба куни Чуст тумани дехқон бозори ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва карантин қоидаларига амал қилинишини назорат этиш мақсадида Чуст тумани ИИБ профилактика инспекторлари хизматга жалб этилган. Бозор ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида тиббий ниқоб тақмасдан ҳаракатланиб келаётган фуқарога нисбатан профилактика инспектори томонидан маъмурий баённома расмийлаштирган.

Мазкур жараёнда фуқарога профилактика инспектори ҳуқуқлари билан танишганлиги юзасидан ўзининг шахсий имзоси билан муносабат билдирган. Шундай бўлса-да, фуқаро «менга ҳуқуқларимни тушунтирмаяпсиз», дея профилактика инспекторига эътироз билдириб, бу ҳолатни ўзининг уяли алоқа телефони орқали тасвирга олган.

«Шу ўринда интернет фойдаланувчиларига мурожаат қилмоқчимиз. Асл ҳолат ҳақида расмий маълумотга эга бўлмай туриб, хулоса қилишга шошилманг. Баённомани ўз қўли билан имзолагандан сўнг инспекторни тасвирга олиб, уни оммага тарқатган фуқаронинг ишини эса оқлаб бўлмайди.

Ҳурматли ҳамюртлар, ўз саломатлигингизга бефарқ бўлманг! Карантин чекловлари юмшатилди, бироқ тугамади. Кўчада ҳаракатланганда тиббиёт ниқобларидан фойдаланинг», — дейилади ИИБ ахборотида.

Мавзуга доир: Бухорода марказий поликлиника бўшатилиб, ундаги 200 дан ортиқ тиббиёт ходими ишсиз қолаётгани айтилган хабарга муносабат билдирилди

Шунингдек, Тошкентда рэперлар ўртасида жанжал бўлгани айтилаётган видео юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар