Тошкентда репперлар ўртасида жанжал бўлгани айтилаётган видео юзасидан расмий муносабат билдирилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 28 сентябрь, душанба куни интернет тармоқларида тарқалган «Тошкентда репперлар ўртасида ишкал» номли видео юзасидан муносабат билдирди.

Бошқарманинг маълум қилишича, мазкур видеотасвирни ўрганиш жараёнида ҳолат 2020 йил 26 сентябрь соат 15:30 атрофида Юнусобод туманидаги «Зарафшон» савдо-кўнгилочар маркази ёнида содир бўлгани аниқланган. Яқин ўртада хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари жанжални кўриб, ҳодиса жойига етиб борган. Бироқ жанжал иштирокчилари ички ишлар органлари ходимларини кўриб, қочиб кетган.

«Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, жанжал иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилмоқда», дейилган хабарда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат бошқарма раҳбарияти назоратга олинганини ва текширув якуни бўйича қўшимча маълумот берилишини таъкидлаган.

Аввалроқ Марҳаматда уч кишини пичоқлаганлар қўлга олингани, Қўқондаги чойхонада келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 киши суд қилинаётганлиги ва Олотдаги жанжалда ҳаммани калтаклаган эркакни «Cobalt» атайин уриб юборди. Ҳолат юзасидан текширув ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.