Марҳаматда уч кишини пичоқлаганлар қўлга олинди
Aндижон вилояти Марҳамат туманида 17 cентябрь, пайшанба куни жамоа бўлиб уч кишини пичоқлаган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа тумандаги Қўрғонча кўчасида содир бўлган. Маълум бўлишича, М.О. ва Б.О. гуруҳ бўлиб, муқаддам ўрталарида бўлиб ўтган пул олди-берди масаласида М.Д., Ж.Д. ва Ж.Р. билан ўзаро жанжаллашиб, ҳеч бир сабабсиз қўлида бўлган ўткир тиғли жисм билан уларга турли кўринишда тан жароҳатлари етказган.
Таъкидланишича, ҳодиса жойидан 2 дона хўжалик пичоғи ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Aввалроқ Қўқондаги чойхонада келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 киши суд қилингани ҳамда Наманганда фуқарони олиб қочиб, унинг 5 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган уюшган гуруҳ қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.