Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 30 сентябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 34 миллиондан ортди.

«Worldometers»нинг 30 сентябрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 34 020 586 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 25 267 916 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 015 381 киши.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 30 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 56 825 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Кун давомида уйда даволанаётган бемор уйни тарк этса, ўша уйда неча кунгача коронавирус яшашига мутахассис жавоб бергани маълум қилинди.

Мамлакатда 30 сентябрь куни 471 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 267 таси Тошкент шаҳрида, 91 таси Тошкент вилоятида, 32 таси Наманган вилоятида, 25 таси Жиззах вилоятида, 17 таси Андижон вилоятида, 12 таси Самарқанд вилоятида, 9 таси Навоий вилоятида, 6 таси Қашқадарё вилоятида, 4 тадан Қорақалпоғистонда, Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятларида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 470 нафарга етди. 30 сентябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 282 нафар,  Тошкент вилоятида 90 нафар, Наманган вилоятида 27 нафар, Жиззах вилоятида ҳам 27 нафар, Андижон вилоятида 20 нафар, Самарқанд вилоятида 12 нафар, Хоразм вилоятида 9 нафар, Навоий вилоятида 8 нафар, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида 4 нафардан, жами 487 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 56 825 нафар бемордан 53 457 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2898 нафар бемордан 563 нафари оғир, 267 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 29 сентябрь куни 476 кишида коронавирус аниқлангани ва 5 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 420 300 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (6,2 миллион киши), Бразилия (4,7 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Колумбия (824 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 34 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 30 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 908 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 102 874 нафари тўлиқ соғайган, 1725 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 75 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Tengrinews»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 32 799 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 169 нафари тузалган, 353 нафари вафот этган. Cўнгги 24 соат ичида ушбу касаллик яна 96 инсонда қайд этилган.

Қирғизистонда 30 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 46 669 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 42 879 нафари соғайиб, 1064 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2726 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 147 та ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 30 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9769 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8572 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 43 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 43 тага кўпайган.

Фото: «Asia-plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 30 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 176 286 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 958 257 нафари соғайган, 20 722 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 8481 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 177 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «Intellinews»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 33,5 миллиондан ортгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар