Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 29 сентябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 33,5 миллиондан ортди.

«Worldometers»нинг 29 сентябрь, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:00 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 33 688 704 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 24 992 664 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 008 603 киши.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 29 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 56 354 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Кун давомида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 2 миллион евро ажратгани маълум қилинди. Шунингдек, Андижонга вилоятдаги педагоглар учун 2 турдаги коронавирусга қарши дори воситалари келтирилгани ҳақида хабар берилди.

Мамлакатда 29 сентябрь куни 476 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 314 таси Тошкент шаҳрида, 92 таси Тошкент вилоятида, 30 таси Наманган вилоятида, 12 таси Андижон вилоятида, 10 таси Қорақалпоғистонда, 8 таси Қашқадарё вилоятида, 6 таси Фарғона вилоятида ҳамда 4 таси Сурхондарё вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 466 нафарга етди. 29 сентябрь куни 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 332 нафар, Тошкент вилоятида 106 нафар, Наманган вилоятида 27 нафар, Андижон вилоятида 12 нафар, Самарқанд вилоятида 10 нафар, Қорақалпоғистонда 9 нафар, Қашқадарё вилоятида 7 нафар, Фарғона вилоятида 1 нафар бемор, жами 504 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 56 354 нафар бемордан 52 970 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2918 нафар бемордан 587 нафари оғир, 261 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 28 сентябрь куни 477 кишида коронавирус аниқлангани ва 2 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 376 177 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (6,1 миллион киши), Бразилия (4,7 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Колумбия (818 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 33,6 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 29 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 833 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 102 805 нафари тўлиқ соғайган, 1699 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 58 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Coronavirus2020.kz»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 32 500 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 073 нафари тузалган, 351 нафари вафот этган. Cўнгги 24 соат ичида ушбу касаллик яна 60 инсонда қайд этилган.

Қирғизистонда 29 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, 46 522 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 42 761 нафари соғайиб, 1064 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2697 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 148 та ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.

Фото: «»Kloop.kg

Тожикистонда 29 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9726 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8531 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 75 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 41 тага кўпайган.

Фото: «Asia-plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 29 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 167 805 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 952 399 нафари соғайган, 20 545 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 8232 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 160 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 33 миллиондан ортгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар