Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 28 сентябрнинг асосий хабарлари
«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 33 миллиондан ортди.
«Worldometers»нинг 28 сентябрь, душанба куни Тошкент вақти билан соат 22:00 даги маълумотларига кўра:
- дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 33 395 495 киши;
- касалликдан тузалганлар — 24 701 504 киши;
- инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 003 598 киши.
Ўзбекистондаги вазият
Ўзбекистонда 28 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 55 878 нафарни ташкил этмоқда.
Кун давомида Қўқонда коронавирус беморларини даволайдиган 4 та марказ ишга тушиши ҳақида хабар берилди. Бундан ташқари, Хитой коронавирусга қарши оммавий тарзда эмланишни бошлаганини маълум қилди.
Мамлакатда 28 сентябрь куни 477 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кунлик касалланиш ҳолатларининг 309 таси Тошкент шаҳрида, 91 таси Тошкент вилоятида, 35 таси Наманган вилоятида, 16 таси Бухоро вилоятида, 13 таси Андижон вилоятида, 9 таси Қашқадарё вилоятида ҳамда 4 таси Навоий вилоятида қайд этилган.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 461 нафарга етди. 28 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.
Кун давомида Тошкент шаҳрида 303 нафар, Тошкент вилоятида 98 нафар, Наманган вилоятида 54 нафар, Бухоро вилоятида 18 нафар, Андижон вилоятида 13 нафар, Самарқанд вилоятида 9 нафар, Сурхондарё вилоятида 6 нафар , жами 501 нафар бемор соғайган.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 55 878 нафар бемордан 52 466 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2951 нафар бемордан 670 нафари оғир, 272 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 24 сентябрь куни 519 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳондаги вазият
АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 331 020 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (6 миллион киши), Бразилия (4,7 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Колумбия (813 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 33,3 миллиондан ортиқ киши касалланган.
Қозоғистонда 28 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 775 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 102 736 нафари тўлиқ соғайган, 1699 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 52 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.
Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 32 440 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 057 нафари тузалган, 350 нафари вафот этган.
Қирғизистонда 28 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, 46 355 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 42 613 нафари соғайиб, 1064 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2678 киши коронавирусдан даволанмоқда.
Тожикистонда 28 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9685 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8483 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 75 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 39 тага кўпайган.
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Россияда 28 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 159 573 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 945 920 нафари соғайган, 20 385 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 8135 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 61 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 32 миллиондан ортгани ҳақида хабар берилган эди.