Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 24 сентябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 32 миллиондан ортди.

«Worldometers»нинг 24 сентябрь, душанба куни Тошкент вақти билан соат 22:00 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 32 258 596 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 23 798 789 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 984 394 киши.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 24 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 53 966 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Кун давомида Қувада карантин зонасидаги бемор Президентга видеомурожаат қилгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Қорақалпоғистонлик комик актёр Илхам Сайманов коронавирус оқибатида вафот этган.

Мамлакатда 24 сентябрь куни 519 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 253 таси Тошкент шаҳрида, 128 нафари Тошкент вилоятида, 35 таси Қашқадарё вилоятида, 25 таси Жиззах вилоятида, 19 таси Сурхондарё вилоятида, 13 таси Бухоро вилоятида, 12 таси Самарқанд вилоятида, 12 таси Сирдарё вилоятида, 7 таси Фарғона вилоятида, 7 таси Андижон вилоятида, 5 таси Навоий вилоятида ҳамда 3 таси Қорақалпоғистонда қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 447 нафарга етди. 24 сентябрь куни 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 359 нафар, Тошкент вилоятида 121 нафар, Наманган вилоятида 60 нафар, Жиззах вилоятида 28 нафар, Қашқадарё вилоятида 19 нафар, Фарғона вилоятида 7 нафар, Қорақалпоғистонда 6 нафар, Андижон вилоятида 5 нафар, Навоий вилоятида 2 нафар ҳамда Сирдарё вилоятида ҳам 2 нафар бемор , жами 609 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 53 966 нафар бемордан 50 441 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3078 нафар бемордан 548 нафари оғир, 496 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 23 сентябрь куни 590 кишида коронавирус аниқлангани ва 2 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 157 053 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (5,7 миллион киши), Бразилия (4,6 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Колумбия (784 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 32,2 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 24 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 529 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 102 323 нафари тўлиқ соғайган, 1699 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 79 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 31 760 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 26 805 нафари тузалган, 346 нафари вафот этган. Шунингдек, сўнгги 24 соат ичида ушбу касаллик яна 228 инсонда қайд этилган.

Қирғизистонда 24 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, 45 757 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 42 005 нафари соғайиб, 1063 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2689 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 101 та ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 24 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9520 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8296 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 74 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўткан сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 45 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 24 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 128 836 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 929 829 нафари соғайган, 19 948 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 6595 та янги ҳолат аниқланган ҳамда 149 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «AA»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 32 миллионга яқинлашгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар