Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 23 сентябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 32 миллионга яқинлашди.

«Worldometers»нинг 23 сентябрь, душанба куни Тошкент вақти билан соат 22:00 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 31 938 232 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 23 523 339 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 978 108 киши.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 23 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 53 447 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Кун давомида Самарқанд шаҳар санитария-эпидемологик назорати инспекцияси шаҳар филиали мудири Дилбар Нормуродова иштирокида бўлиб ўтган онлайн брифинг шаҳарда ўтказилган тунги рейд давомида 13 та ресторанда карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқлангани маълум қилинди.

Шунингдек, АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида ўтказилган брифингда котиб карантин муносабати билан қийин аҳволдаги аёлларга уй-жойлар берилиши тўхтатилгани ҳақидаги фикрлар нотўғри эканлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов коронавирус аниқланган хонадонларнинг карантинга олиниши ҳақида маълумот берган.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарларида коронавирус аниқланган.

Мамлакатда 23 сентябрь куни 590 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 313 таси Тошкент шаҳрида, 133 таси Тошкент вилоятида, 107 таси Наманган вилоятида, 15 таси Андижон вилоятида, 10 таси Самарқанд вилоятида, 8 таси Қашқадарё вилоятида ҳамда 4 таси Қорақалпоғистонда қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 444 нафарга етди. 23 сентябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 337 нафар, Тошкент вилоятида 124 нафар, Наманган вилоятида 98 нафар, Андижон вилоятида 17 нафар, Самарқанд вилоятида 14 нафар, Қашқадарё вилоятида 12 нафар, Қорақалпоғистонда 4 нафар ҳамда Навоий вилоятида 2 нафар , жами 608 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 53 447 нафар бемордан 49 832 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3171 нафар бемордан 632 нафари оғир, 294 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 21 сентябрь куни 619 кишида коронавирус аниқлангани ва 5 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 7 110 775 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (5,7 миллион киши), Бразилия (4,5 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Колумбия (777 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 31,9 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 23 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 450 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 102 064 нафари тўлиқ соғайган, 1671 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 76 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Coronavirus2020.kz»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 31 532 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 26 805 нафари тузалган, 345 нафари вафот этган. Шунингдек, сўнгги 24 соат ичида ушбу касаллик яна 364 инсонда қайд этилган.

Қирғизистонда 23 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, 45 630 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 41 904 нафари соғайиб, 1063 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2663 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида 88 та ушбу касалликка чалинган бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 23 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9475 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8244 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 74 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўткан сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 43 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 23 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 122 241 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 923 699 нафари соғайган, 19 799 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 6431 та янги ҳолат аниқланган ҳамда 150 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «See»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 31,3 миллиондан ортгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар