Уйчидаги «Деҳқон бозори»нинг бузилишига билдирилаётган эътирозлар асоссиз экани айтилди

Наманган вилояти Уйчи туман ҳокимлиги матбуот хизмати ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилган Уйчи туман «Деҳқон бозори» МЧЖ фаолияти ва унинг бузилиши, ҳудудда қурилиш ишларини олиб борилиши бўйича айрим тадбиркорларнинг мурожаати ва эътирозларига расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, бозор ҳудудидаги ер участкаси жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб берилмайди — реализация қилинмайди. Фақат ижарага берилади. Ижара ҳақи солиқ ва бошқа йиғимлар ҳисобидан ундириб борилади.

Таъкидланишича, агар кимгадир қурилиш учун рухсат берилган бўлса ҳам, у ўз қурилмаси остидаги ер участкасига бўлган ҳуқуқни ололмайди. Қачондир бозорнинг бош режаси ўзгариб қолган тақдирда у ерда қурган қурилмасини ўз ихтиёри ва маблағлари ҳисобига бузиб олиши лозим. Акс ҳолда, бу тартибларга риоя қилмай қурилган ҳар қандай қурилма ёки унга рухсат берувчи ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан қуриб-ўрнатиб олинган қурилмалар уларнинг ўз ҳисобидан бузиб олинади ва уларга компенсация тўловлари тўланмайди.

Уйчи туман «Деҳқон бозори» МЧЖ фаолияти ва унинг бузилиши ҳақида қабул қилинган қарорлар ҳақида маълум қилинишича:

  • Уйчи тумани «Деҳқон бозори» МЧЖ таъсисчиларининг 2019 йил 10 апрелдаги навбатдан ташқари ўтказган умумий йиғилишида туман ҳокимлигининг МЧЖдаги улуши 51 фоизлиги, бошқа таъсисчилар сони 19 та, 49 фоиз эканлиги эътироф этилган;
  • республика ҳудудларида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш бўйича пудрат ташкилотларини танлаш дирекция томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, туман ҳокимининг 2020 йил 15 июлдаги 532-сонли қарори билан бозор қурилишига «Хизиробод нонлари» МЧЖ инвестор сифатида жалб қилиниб, қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилган. Ҳозирда «Хизиробод нонлари» МЧЖ амалдаги тартибларда ва қурилиш лойиҳаларига мувофиқ қурилиш ишларини давом эттирмоқда.

Бундан ташқари, «Уйчи деҳқон бозори»нинг бузилиши юзасидан 2019 йил 10 апрелда кун тартибига қўйилган. 2019 йил 22 апрелда бозор  таъсисчиларининг умумий йиғилиши чақирилиб, «Хизиробод нонлари» МЧЖ раҳбари Авазбек Абдуллаев бозор қурилишини ташкил этиш бўйича танлов ғолиби деб топилгани маълум қилинган, «Реал бизнес баҳо» томонидан аниқланган суммани тўлаб бериш белгиланган.

Бу йиғилишда бошқа таъсисчиларга оид мулкларни тасарруф этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, «Уйчи деҳқон бозори» МЧЖнинг кўчмас мулкларининг бузилишига розилик билдирилган.

«Бозор ҳудудига кирмайдиган ҳудуддан тадбиркорлар учун савдо комплекслари қуришлари учун ер майдонлари таклиф этилган. ‘Уйчи деҳқон бозориֹ’ МЧЖ ҳудудида олиб борилаётган барча қурилиш ишлари қонуний асосларда амалга оширилаётгани ва айрим тадбиркорларнинг билдираётган иддаолари асоссиз эканлигини билдирамиз», дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ Самарқандда тадбиркорларнинг «Дамариқ» деҳқон бозори фаолиятига асоссиз аралашгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари эълон қилинган.

Янгиликлар