Ҳайвонларга нисбатан зўравонлик: Жиззахда оёқлари боғланган мушук қийноққа солинди (видео)

«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти оёқлари боғланган мушук қийноққа солингани тасвирланган видеони эълон қилди.

Кадр: Видео

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳақидаги яна бир видео ҳайвон ҳуқуқлари фаоллари қўлига тушган. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари ушбу масала бўйича Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

«30 октябрь куни биз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига расмий хат билан мурожаат қилдик. Далил сифатида видео жонли эфирда намойиш этилди. Унда одам уй ҳайвонига нисбатан шавқатсизлик қилаётгани тасвирланган. Фуқароларнинг фикрига кўра, бу ҳолат Жиззах вилоятида содир бўлмоқда», — дейилади «Меҳр ва оқибат» хабарида.

Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари видеодаги одамнинг шахсини аниқлаб, жиноятчини жавобгарликка тортишига умид билдирган.

«Агар керак бўлса, биз Жиззах вилоятига борамиз ва судда иштирок этамиз», дейилади мурожаатда.

Аввалроқ Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинганди.

Шунингдек, «Spark» ҳайдовчиси 30 октябрь куни эшакни машинага боғлаб, судраб кетаётгани тасвирланган видеодаги ҳолат тахминларга кўра Aндижонда юз бергани айтилан эди. Суриштирувлар натижасида мазкур ҳолат Тошкентда бўлгани аниқланган. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан баёнот берди.

Янгиликлар