Когон туманида ёнида салкам 2 грамм марихуана олиб юрган фуқаро ушланди
Бухоро вилояти Когон туманида 27 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда салкам 2 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини чўнтагида сақлаб юрган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Маълум бўлишича, 27 октябрь куни тахминан соат 19:00 атрофида туман «Ўба чўли» маҳалла фуқаролар йиғини Ойбек кўчасида яшовчи 1971 йилда туғилган, якка тартибда ишловчи Ш.Я. шубҳали ҳаракатлари сабабли тўхтатилиб, холислар иштирокида ёнлари кўздан кечирилганда унинг эгнидаги қора рангли женпери чап чўнтагида бир дона «Спички» ёзувли гугурт қутисида марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги учун қўлга олинган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 1,71 граммга тенг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Когон туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ш.Я.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода салкам 200 грамм марихуана сотмоқчи бўлган 2 нафар эркак қўлга олингани, Бухоро шаҳрида салкам 7 грамм марихуана сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга тушгани ва Бухорода 200 грамдан ортиқ марихуана сотмоқчи бўлган қашқадарёлик фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.