Ўлдириб кетилган ўзбек дизайнери Нариман Григоряннинг онаси вафот этди

Таниқли ўзбек дизайнери марҳум Нариман Григоряннинг онаси Марина Aнатолевна 1 декабрь куни 62 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Эвгения Гранде ўзининг Facebook саҳифасида пост қолдирди.

Фото: Instagram/@nariman_grigoryan_official

Маълум қилинишича, аёл ҳасталиги туфайли 30 ноябрь куни оғир аҳволда Чирчиқ касалхоналаридан бирига ётқизилган. Кейинчалик шифокорлар Марина Aнатолевнага қон томир хасталиги ташхиси қўйилганлиги ҳақида хабар берган. 1 декабрь куни эрталаб у ҳушига келмасдан вафот этган.

Эвгения Гранденинг ёзишича, Марина Aнатолевнанинг қизи ҳам бор, лекин у Қозоғистонда яшайди. Aкасининг ўлимидан сўнг сингилнинг саломатлиги жиддий равишда ёмонлашган. Дафн маросимидан кейин у оғир стресс туфайли боласини йўқотган.

Эслатиб ўтамиз, Нариман Григорян 2020 йил 14 январь куни Тошкентда ижарадаги уйида ўлдирилган ҳолда топилган. Экспертиза хулосалари унинг қасддан ўлдирилганини аниқлаган.

Кейинчалик 2020 йил 14 августдаги суд ҳукмига кўра, дизайнерни қасддан ўлдирганликда айбланган судланувчи Б. Буркитбаев (1996 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, ўзбек, муқаддам судланмаган) Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Б.Буркитбаевга узил-кесил ўташ учун 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Маълумот учун, Нариман Григорян Тошкентнинг таниқли дизайнери, хореограф, халқаро кўргазма, танлов ва фестиваллар қатнашчиси бўлган. Тошкентда «Nariman Grigoryan» номли модалар уйини бошқарган. Шунингдек, у ўзининг исми билан аталувчи бренд асосчиси ва халқаро рақс танловларида Ўзбекистондаги ягона ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган.

Янгиликлар