Жаҳон банки Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик лойиҳаси учун 50 млн доллар кредит ажратади

Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларнинг рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITES) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланоятган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради.

Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT Park томонидан амалга оширилади. Қайд этилишича, лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади.

2029 йилда лойиҳа якунига келиб Ўзбекистон ITES хизматлари соҳасида 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинмоқда. Лойиҳа ушбу мақсадларга эришиш учун турли хил чора-тадбирларни мақсад қилган, жумладан, бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади.

Ушбу чора-тадбирлар ITES компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради. Бунинг натижасида 6,2 мингга яқин ёшлар, шу жумладан 3,1 минг нафар аёллар ва 250 нафар ногиронлиги бўлган шахслар коммуникация, компьютер ва тил кўникмаларини (ITES компанияларида талаб қилинадиган инглиз ва бошқа чет тиллари) ўз ичига олган асосий профессионал кўникмаларни ривожлантириш дастурлари бўйича таълим олади.

Шунингдек, 9 мингга яқин ёшлар, шу жумладан 4,5 минг нафар аёллар ва 360 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ITES компанияларида иш билан таъминланади.

Компанияларга ўз навбатида лойиҳа доирасидаги иштирокчиларни ишга олиши учун моддий рағбатлар берилади ва Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий ITES компаниялари фаолияти учун қулай шарцҳароитларни таъминлашда муҳим ўрин тутган нормативе-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Юқорида қайд этилган лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.