«Карам», «кўкат», «бакс». Доллар ҳақида нималарни биласиз?

Бугун «доллар» сўзини ва у нима эканлигини бутун дунё билади. Доллар деганда барча, энг аввало, Америка Қўшма Штатларини эслайди. Бу бежиз эмас. Бугунги кунда АҚШ доллари кириб бормаган мамлакатнинг ўзи қолмаган. Қолаверса, халқаро таҳлилларга кўра, халқаро савдонинг 80 фоизи долларда амалга оширилмоқда. Буюк Британия фунт стерлинги, Европа Иттифоқи евроси, японлар иенаси, Хитой юани ҳозирча халқаро савдоларда долларга рақобат қила олмаяпти. Қуйида доллар ҳақида айрим маълумотлар тақдим этилади.

Фото: «Tez News»

Доллар ҳақида умумий маълумотлар:

Белгиси: $
Номланиши: dollar
Халқаро коди: USD

Бугун АҚШ доллари дунёдаги энг оммабоп валюта сифатида қарийб барча мамлакатларда эркин алмаштирилади. Бундан ташқари, бу валюта расмий равишда дунёнинг бир қатор давлатларида миллий пул бирлиги сифатида ишлатилади. Жумладан:
Америка Қўшма Штатлари;
Бермуд ороллари;
Бонэйр ороли (Нидерландиянинг денгиз орти мулки);
Виржин ороллари (Буюк Британиянинг денгиз орти мулки);
Шарқий Тимор;
Зимбабве;
Маршалл ороллари;
Палау;
Панама;
Пуэрто-Рико (АҚШга тегишли);
Саба ороли (Нидерландиянинг денгиз орти мулки);
Сальвадор;
Синт-Эстатиус (Нидерландиянинг денгиз орти мулки);
Теркс ва Кайкос ороллари (Буюк Британиянинг денгиз орти мулки);
Микронезия федератив штатлари;
Эквадор миллий валюта сифатида АҚШ долларини ишлатади.

Юқоридаги давлатларнинг айримлари долларни миллий пул бирлиги сифатида ишлатса, қолганлари ўз миллий валютасидан аҳоли фойдаланмай қўйганда доллардан фойдаланишга ўтган.

Бундан ташқари, дунёнинг яна бир қанча давлатлари ўз миллий валютасини доллар деб атайди. Булар: Австралия, Янги Зеландия, Канада, Ҳонгконг, Сингапур, Багам ороллари, Барбадос, Белиз, Бруней, Гайана, Кайман ороллари, Кирибати, Либерия, Намибия, Тринидад ва Тобого, Фижи, Ямайка, Тувалу, Тайван, Суринам, Соломон ороллари, Кук ороллари.

Пул бирликлари

Бугун АҚШ доллари 1, 2, 5, 10, 20, 50, 100 долларлик банкнотлар ва 1, 5, 25, 50 центлик ва 1 долларлик тангалар кўринишида ишлатилади. Бир пайтлар 500, 1 000, 5 000, 10 000, 100 000 долларлик банкнотлар ҳам муомалага чиқарилган.

Тангаларнинг халқ орасида тарқалган ўз номлари бор. 1 центлик танга «пенни» (penny – тийин), 5 центлик танга «никель», 10 центлик танга «дайм» (dime – танга), 25 центлик танга «квотер» (quarter – тўртдан бир), 50 центлик танга «хаф» (яримта) деб аталади.

АҚШда бир кунда 35 миллион дона турли қийматдаги банкнотлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг жами қиймати ўртача 635 миллион доллар бўлади. Бу маблағнинг 95 фоизи эски ва яроқсиз банкнотларни алмаштириб бериш учун ишлатилади. Маълумотларга кўра, битта банкнотни ясаб, чоп этиш ўртача 6 центга тушади. Банкнотлар бир хилда 155,956 миллиметрга 66,294 миллиметр ўлчамда зарб этилади ва уларнинг оғирлиги 1 граммни ташкил этади.

Доллар банкнотларининг базавий дизайни 1928 йилда тасдиқланган бўлиб, унда албатта давлат арбобининг портрети туширилган бўлиши керак.
1 долларликда 1-президент Жорж Вашингтон;
2 долларликда 3-президент Томас Жефферсон;
5 долларликда 16-президент Авраам Линкольн;
10 долларликда АҚШнинг биринчи молия вазири Александр Гамилтон;
20 долларликда 7-президент Эндрю Жексон;
50 долларликда 18-президент Уиллис Грант;
100 долларликда АҚШ давлат арбоби Бенжамин Франклин;
1918 йилда чиқарилган 500 долларликда АҚШ Олий суди собиқ раиси Жон Маршалл;
1934 йилда чиқарилган 500 долларликда 25-президент Уильям Мак-Кинли;
1918 йилда чиқарилган 1 000 долларликда АҚШнинг биринчи молия вазири Александр Гамилтон;
1934 йилда чиқарилган 1 000 долларликда 22 ва 24-президент Стивен Гровер Кливленд;
5 000 долларликда 4-президент Жеймс Мэдисон;
10 000 долларликда Авраам Линкольн даврида аввал молия вазири, сўнг Олий суд раиси бўлиб ишлаган Салмон Чейз;
100 000 долларликда 28-президент Вудро Вильсон портретлари туширилган. Ҳар бир банкнотнинг орқа тарафига АҚШ тарихидан ҳикоя қилувчи турли иллюстрация суратлари жойлаштирилган.

Доллар тарихида бир марта унга аёл кишининг портрети ҳам туширилган. 1886 йилда 1 долларлик банкнотга АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтоннинг хотини Марта Вашингтон ҳам акс этганди. Ўшанда банкнотга унинг бир ўзи эмас, турмуш ўртоғи Жорж Вашингтон билан бирга жойлаштиришади.

Долларни қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш

Доллар қалбакилаштиришдан яхши ҳимоя қилиб келинади. Доллар учун ишлатиладиган қоғозни ишлаб чиқариш ваколати битта компанияга берилган. Бу компания ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни АҚШ федерал ҳукуматидан бошқаларга сотиши тақиқланган. Долларни зарб қилишда ишлатиладиган бўёқни тайёрлаш формуласи қаттиқ сир тутилади. Унинг мураккаб формуласи АҚШнинг Зарбхона ва Матбаа (Bureau of Engraving and Printing) бюросининг сири ҳисобланади.

1990 йилда кўз илғамас ёзувлар ва ҳимоя иплари билан қалбакилаштиришдан янада кучлироқ ҳимояланган долларлар зарб этила бошланади. 1996 йилда долларни қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш янада кучайтирилди. 2003 йилда 20 долларлик банкнотнинг янги версияси пайдо бўлди. 2004 йилда 50 долларлик, 2005 йилда 100 долларлик, 2006 йилда 10 долларлик, 2008 йилда 5 долларлик янги банкнотлар чиқарилди.

2010 йил 21 апрелда АҚШ Ғазначилик идораси, Федерал захира тизими (ушбу тизим 1913 йилда ташкил этилган) бошқарувчилар кенгаши ва АҚШ махфий хизмати расмийлари 100 долларлик купюранинг янги дизайнини намойиш этишди. Янгиланган банкнотда долларнинг анъанавий кўриниши сақлаб қолинди. Янги доллар қалбакилаштиришга қарши янги самарали элементларга эга бўлди.

Янги 100 долларлик банкнотни муомалага чиқариш, уни ишлаб чиқариш жараёнида аниқланган муаммолар туфайли бироз ортга сурилади. Орадан уч йил ўтиб, 2013 йил 8 октябр куни янги дизайндаги доллар муомалага чиқарилади. Долларни сохталаштирувчи фирибгарларга қарши муваффақиятли курашиш учун ҳар 7-10 йилда доллар банкнотларининг дизайнини ўзгартириб туриш режалаштирилган. Бунда эски дизайндаги долларлар бирданига муомаладан чиқарилмайди ва улар банкларга қайтиб боргунча ишлатилаверади.

Долларни зарб этиш

АҚШда долларни зарб этишга 12та банк рухсат олган. Улар Федерал захира тизими аъзолари ҳисобланади. АҚШ ҳудуди 12 бўлакка ажратилган ҳамда ҳар бир ҳудудга рақам ва ҳарфдан иборат тартиб рақами берилган. Доллардаги рақам ва ҳарф унинг қаерда зарб этилганини билдириб туради.
А Бостон;
B Нью-Йорк;
C Филадельфия;
D Кливленд;
E Ричмонд;
F Атланта;
G Чикаго;
H Сент-Луис;
I Миннеаполис;
J Канзас-Сити;
R Даллас;
L Сан-Франциско.

Доллар зарб этиладиган қоғоз 25 фоиз зиғир толаси, 75 фоиз пахта толаси аралаштирилиб тайёрланади. Қоғоз янада чидамли бўлиши учун унга сунъий тола билан ишлов берилади. Доллар қоғози ўртача 4 минг марта буклаганда ҳам йиртилмайди.

Шу пайтгача энг кўп 1 долларлик банкнот чоп этилган, энг ками 2 долларлик. 2 долларлик банкнот сўнгги марта 2003 йилда чиққанди.

Энг катта банкнот 100 000 долларлик

1969 йилгача АҚШда 5 000, 10 000, 100 000 долларлик банкнотлар ҳам чиқарилган. Ўша йили президент Ричард Никсон Федерал захира тизимига йирик қийматдаги банкнотларни чоп этмаслик ҳақида топшириқ беради. Шундан сўнг 100 долларлик банкнот энг йирик қийматли пул бирлиги бўлиб қолади.

Қизиғи шундаки, йирик қийматдаги банкнотларни чоп этиш тўхтатилгандан сўнг уларнинг қиймати кескин ошиб кетади ва турли коллекционерлар уларни ўз қийматидан бир неча баробар ошиқ нархга сотиб ола бошлайди. Доллар тарихида энг қиммат баҳоланган пул 1890 йилда зарб этилган 1 000 долларлик банкнот ҳисобланади. 2006 йилда ўтказилган ким ошди савдосида уни 2 миллион 255 минг долларга сотиб олишади. Бу банкнотда генерал Жорж Гордон Мид тасвирланган эди.

Доллар тарихи

АҚШнинг Атлантика қирғоқларида жойлашган ҳудудларига инглизлардан аввал нидерландлар келишган. Масалан, бугунги Нью-Йорк ўрнида ўша пайтда нидерландларнинг Нью-Амстердам шаҳри бўлган. Ўша пайтлар нидерландияликлар ишлатган пул бирлиги талер деб аталган. Кейинчалик бу ҳудудга инглизлар ва ирландлар кўчиб кела бошлайди. Охир оқибат ҳудуддан нидерландлар сиқиб чиқарилади. Аммо улар фойдаланган пул бирлиги доллар номида сақланиб қолади.

Америка Буюк Британия мустамлакаси бўлган кезларда ҳар бир колония ўз қоғоз пулини чиқарган. Кейинчалик колониялар бирлашиб Британиядан мустақил бўлгандан сўнг, 1781 йилда илк марта Шимолий Америка банки тузилади. 1785 йилда АҚШ Конгресси долларни Шимолий Америкада ягона валюта деб эълон қилади. Шу тариқа, доллар АҚШ миллий пул бирлигига айланади.

«Бакс» атамасининг тарихи

Дунёнинг кўплаб тилларида долларнинг лақаблари бор. Масалан, Ўзбекистонда унинг рангига қараб «кўк», «карам» дейишса, Россияда «капуста», «зелень» деб аташади. Долларнинг дунё бўйлаб энг оммабоп тарқалган лақаби – бу «бакс». Бу сўз ингизча buck сўзидан олинган бўлиб, у буғу терисини англатади. Долларнинг буғу терисини англатадиган сўз билан ифодаланишининг асосий сабаби шундаки, европаликлар Америка қитъасига борганда у ерда маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган ҳиндулар туз, ўқ-дори ва шунга ўхшаш зарур нарсаларни буғу терисига алмашишган. Яъни буғу териси пул вазифасини бажарган. Шу сабабли доллар шу сўз билан ифодаланган. Шунингдек, «бакс» сўзининг келиб чиқиши ҳақида бошқа тахминлар ҳам бор.

«Биз Худога ишонамиз»

Ҳар бир доллар банкнотининг юқори қисмида ва тангаларда инглиз тилида «Биз Худога ишонамиз» («In God We Trust») ёзуви туширилган. Бу ёзув илк бор 1864 йилда туширилган. Орадан қарийб 100 йилча вақт ўтиб юқоридаги ёзув ҳар бир банкнот ва тангаларда бўлиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилади. 1956 йилда 34-президент Дуайт Эйзенхауэр «In God We Trust» ёзуви доллар банкнотлари ва тангаларида бўлиши лозимлиги ҳақидаги қарорга имзо чекади.

Доллар ва олтин

1792 йилда долларни қадрсизланиб кетишдан асраш учун уни олтин билан боғлаб қўйишади. Ўшанда 1 Троя унция (Халқаро ўлчов бирлиги, 1 Троя унцияси – 31,1034768 граммга тенг) олтиннинг нархи 19,3 доллар этиб белгиланади. 1834 йилда 1 унция олтиннинг нархи 1,64 долларга ошиб 20,67 долларни ташкил этади. Яъни 42 йил давомида доллар арзимаган фоизларда қадрсизланади. Ўшанда долларни қадрсизланишдан асраш учун олтинга боғлаб қўйишганининг сабаби, АҚШда олтин захираси кўп эди.

Бир асрдан ошиқроқ вақтда умуман қадрсизланмаган доллар 1929-1932 йилларда АҚШда содир бўлган молиявий ва иқтисодий инқироз даврида кескин қадрсизланади. 1933 йилда долларнинг олтинга боғлиқлиги бекор қилинади. Шундан сўнг, 1934 йилда 1 унция олтин баҳоси 35 долларгача кўтарилади.

1944 йил 22 июлда Нью-Ҳэмпшир штатининг Бреттон-Вудс шаҳарчасида халқаро конференция ўтказилади. Унда дунёнинг 44 мамлакатидан 730 нафар делегат қатнашади. Ушбу конференция учта муҳим иш билан тарихда қолган. Конференция давомида Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки тузилган. Учинчи иш – Бреттон-Вудс валюта тизими ташкил этилган. Бу тизимга кўра АҚШ доллари ва Буюк Британия фунт стерлинги олтин билан мустаҳкамлаб қўйилади. Бу тизимни 1971 йил 15 августда АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон бекор қилади ва доллар Бреттон-Вудс тизимидан чиққанини эълон қилади.

1976 йилда Ямайкада ўтказилган халқаро конференцияда Ямайка валюта тизими деб номланган тизим тасдиқланади. Унга кўра, халқаро ва ички бозорларда валюталар нархини ҳукуматлар эмас, эркин бозор тизимида нархлаш белгиланади. Бу тизим ҳануз ишлаб келяпти.

Президент Ричард Никсон Бреттон-Вудс тизимини бекор қилганидан сўнг доллар олтинга нисбатан тез қадрсизлана бошлайди. Ўша йил декабрга бориб 1 унция олтиннинг нархи 35дан, 38 долларгача кўтарилди. 1973 йил 13 февралда ўтказилган савдода 1 унция олтиннинг нархи 42,2 долларга чиқади. Ўшандан буён олтин нархи ошиб келяпти. Аммо буни доллар қадрсизланиши деб ҳам бўлмайди. Нафақат АҚШда, балки дунёнинг исталган мамлакатида олтин нархи ошиб кетгани билан турли маҳсулотлар ва хизматлар нархи долларда бир неча ўн йиллардан бери кескин ошаётгани йўқ. Шу сабабли, ҳолат доллар қадрсизланяпти деб эмас, олтин нархи ошяпти деб талқин этилса тўғрироқ бўлади.

Сўнгги кунларда ўтказилган биржа савдоларида олтиннинг 1 унцияси 1 867, 13 доллар бўляпти. (8 декабрдаги нарх) Олтин энг қимматлаган пайтда унинг 1 унцияси учун 2 000 доллардан тепароқда нарх таклиф этди. Бу жорий йил август ойида содир бўлди.

АҚШ Федерал захира тизими маълумотларига кўра, бугун ер юзи бўйлаб нақд пул кўринишида 1,74 триллион доллар айланиб юрибди. Унинг ярмидан камроғи АҚШда, кўпроғи бошқа мамлакатларда ишлатиляпти.

Янгиликлар